Mar 26, 2026

Farmak Японияда ишлаб чиқариш мукаммаллиги учун халқаро эътирофга сазовор бўлди

Украинадаги энг йирик дори воситалари ишлаб чиқарувчиси бўлган Farmak компанияси Japan Institute of Plant Maintenance томонидан тақдим этиладиган нуфузли халқаро мукофотга сазовор бўлди. Farmak ушбу мукофотни қўлга киритган биринчи украин компаниясига айланди. Тақдирлаш маросими 20 март куни Kyoto шаҳрида бўлиб ўтди.

TPM Excellence Award — операцион мукаммалликнинг энг юқори даражасини тасдиқловчи дунёдаги энг нуфузли мукофотлардан бири ҳисобланади. У қуйидаги тамойилларга асосланган яхлит бошқарув тизимини яратган компанияларга берилади:

Ишончлилик ва самарадорлик — ускуналарнинг узлуксиз ишлашини ва жараёнларнинг максимал унумдорлигини таъминлаш;

Ходимларни ўқитиш ва ривожлантириш — барча даражадаги ходимларнинг 100 фоиз жалб этилганлиги, уларнинг компетенцияларини ривожлантириш ва узлуксиз такомиллаштириш маданиятини шакллантириш;

Узлуксиз такомиллаштириш (Kaizen) — ҳар бир жараённи доимий равишда қайта кўриб чиқиш орқали яхшироқ натижаларга эришишга қаратилган барқарор кундалик яхшилаш модели;

Хавфсизлик ва экология — ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ҳолатларининг йўқлиги, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва атроф-муҳитга таъсирни минималлаштириш;

Сифатни таъминлаш — нуқсонли маҳсулот чиқарилишини амалда имконсиз қиладиган тизимни шакллантириш, яъни тайёр маҳсулотни назорат қилишдан ускуналар параметрларини бошқариш орқали барқарор сифатни таъминлашга ўтиш;

Энергия менежменти ва ресурслардан самарали фойдаланиш — маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия йўқотишларини чуқур таҳлил қилиш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва ресурслардан барқарор фойдаланиш;

Стратегик бошқарув — юқори менежментдан тортиб ҳар бир ходимгача ягона мақсадлар тизимини шакллантириш ва ҳар бир инсоннинг умумий натижага қўшаётган ҳиссасини англашини таъминлаш.

2025 йилда мукофот совриндорлари қаторида Tetra Pak, Panasonic Wanbao Appliances Compressor Ltd., Lindt & Sprüngli, PepsiCo ва бошқа етакчи халқаро ишлаб чиқарувчилар ҳам бўлди.

Farmak’нинг операцион мукаммалликка бўлган йўли 2020 йилда тежамкор ишлаб чиқариш (Lean) ва TPM (Total Productive Maintenance) — ускуналарни самарали бошқариш тизими методологияларини фаол жорий этишдан бошланди. Бугунги кунда ушбу ёндашувлар Farmak Lean Manufacturing Management System ягона экотизимига интеграция қилинган.

Сўнгги 5 йил ичида компания қуйидаги натижаларга эришди:

• Farmak ходимлари жараёнларни оптималлаштириш бўйича 8 000 дан ортиқ таклиф киритди;

• жараёнлар ва ресурсларни оптималлаштириш ҳисобига 100 миллион гривнадан ортиқ маблағ тежалди;

• ускуналарнинг умумий самарадорлиги (OEE) 12 фоизга ошди, ускуналар ишончлилиги эса 20 фоизга яхшиланди;

• ишлаб чиқариш линияларининг тўхтаб қолиш вақти 975 соатга қисқартирилди, йўқотишларни бартараф этиш ҳисобига қўшимча 2 000 соат бўшатилди, 23 000 дан ортиқ техник муаммо аниқланиб бартараф этилди;

• асосий маҳсулотлар бўйича ишлаб чиқариш ҳажми йўқотишлар ва нуқсонлар қисқариши ҳисобига 6 фоизга оширилди;

• корхона чиқиндилари умумий ҳажми 47 фоизга камайтирилди, иқтисодий айланмага қайтарилаётган иккиламчи хомашё улуши эса 14,5 фоизга ошди. Иссиқхона газлари чиқиндилари 13,39 фоизга қисқартирилиб, компаниянинг углерод изи сезиларли даражада камайтирилди. Ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва бахтсиз ҳодисалар даражаси барқарор равишда нолга тенг бўлиб қолмоқда.

Бу украин ишлаб чиқарувчиси ишлаб чиқариш мукаммаллиги соҳасида бундай халқаро эътирофга биринчи марта сазовор бўлган ҳолатдир. Farmak, айниқса бугунги мураккаб шароитларда, операцион самарадорлик ва бизнес барқарорлигини тизимли равишда ошириб бормоқда.

Farmak компаниялар гуруҳи — 1925 йилда Украинада ташкил этилган глобал фармацевтика бизнеси бўлиб, Украина ва Испанияда ишлаб чиқариш қувватларига эга. Шунингдек, Польша, Чехия, Словакия, Буюк Британия, БАА, Вьетнам, Швейцария, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Молдовада 11 та компания ва халқаро ваколатхоналар фаолият юритади.

 

Japan Institute of Plant Maintenance — Японияда ташкил этилган етакчи халқаро ташкилот бўлиб, операцион мукаммаллик соҳасида жаҳон миқёсидаги эксперт маркази ҳисобланади. Институт ишлаб чиқаришни бошқариш бўйича стандартлар ва методологияларни ишлаб чиқади ҳамда корхоналарни самарадорликнинг энг юқори халқаро мезонлари асосида мустақил баҳолайди.

Yangiliklarga qaytish